ТОШКЕНТ, 7 дек – Sputnik. UzCard 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб DUET карталар бўйича транзакцияларни тўхтатади. Бу ҳақда Ягона умумреспублика процессинг маркази хабар қилмоқда.
Марказнинг билдиришича, "UzCard" банклараро тўлов тизими жорий йилнинг 3-чорагида DUET ("оффлайн") карталар орқали амалга оширилган банклараро транзакцияларнинг умумий сони 14,2 минг транзакциядан иборат бўлиб, 16,3 млрд. сўмни ташкил қилди. Ўтган йилнинг шу вақт оралиғида банклараро транзакцияларнинг умумий сони 1,9 млн. бўлиб, миқдори эса 1,06 трлн. сўмни ни ташкил қилган.
"Қайд этилган кўрсаткичлардан келиб чиқиб, UzCard 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб, DUET карталар бўйича транзакцияларни тўхтатишга қарор қилди", дейилади марказ хабарида.
Марказнинг маълум қилишича, жорий йилнинг 3-чорагида мамлакат бўйлаб 1,4 млн. пластик карта ишлаб чиқарилган. Бу 2-чорак кўрсаткичидан 54,2 % кўп демакдир.