ТОШКЕНТ, 2 авг — Sputnik. Хориждаги Ўзбекистон фуқаролари "E-Navbat" электрон навбат тизими ёрдамида ўзларига қулай фурсатда ўзбек дипломатлари қабулига ёзилишлари мумкин, дейилган Ўзбекистон ТИВ матбуот-хизмати томонидан маҳкаманинг 2017-йил биринчи ярми бўйича эълон қилинган ҳисоботда.
Ўзбекистон ТИВ шунингдек, 2017 йил январида consul.mfa.uz — интерактив консуллик хизматлари портали янги кўринишда ишга туширилганини эслатиб ўтган. Портал орқали интерактив ва ахборот характерига эга 10дан зиёд консуллик хизматларини олиш мумкин.
Хусусан, портал орқали электрон кўринишда "Ўзбекистон Республикасига қайтиш учун шахсни тасдиқлаш ва Сертификатни расмийлаштириш", "Доимий ва вақтинчалик тарзда консуллик рўйхатига кириш" сингари хизматлар кўрсатилади.
Жорий йилнинг март ойидан бошлаб ўзбекистонликлар учун consul.mfa.uz порталида онлайн-маслаҳат хизмати ишга туширилган. Энг долзарб саволларга Консуллик бошқарувида махсус ташкил қилинган масъул ходимлар тезкор равишда жавоб берадилар. Ушбу сервис орқали онлайн-режим тартибда 250дан зиёд мурожаат қилувчилар ўз саволларига жавоб олганлар.