ТОШКЕНТ, 23 авг — Sputnik. Самарқанд вилоятида 6 ҳоким ва бир вазир ўринбосари лавозимдан олинди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти ҳокимлиги матбуот-хизмати хабар берган.
Хабарга кўра, Халқ депутатлари Самарқанд, Булунғур, Тойлоқ, Пахтачи туманлари ҳамда Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарлари Кенгашининг навбатдан ташқари сессиялари бўлиб ўтган. Сессияларда ташкилий масалалар кўрилди ва ҳудудларга тайинланган янги раҳбарлар тасдиқланган.
"Президентимиз ҳар бир чиқишида алоҳида таъкидлаганидек, одамларни рози қилиш, уларнинг дарду ташвишларини енгилаштириш ҳар бир раҳбар фаолиятининг асосий мезони бўлиши лозим. Афсуски, бу талабни ҳамма етакчилар ҳам англаб етмаяпти ёки замон талаби, шиддатига мос фаолият кўрсата олмаяпти. Ҳудудларда мавжуд имконият ва салоҳиятдан самарали фойдаланилмаяпти", — деб айтиб ўтилган ҳокимлик хабарида.
Шу тариқа, Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Т. Жўраев қарорига кўра:
— Нурқулов Абдумажит Алибекович Самарқанд вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари лавозимидан озод этилган. Нурқулов ўз аризасига биноан ишдан кетганлиги қўшимча қилинган.
Самарқанд вилояти ҳокимининг Қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари этиб Қурбанов Камалидин Мусаевич тайинланган.
— Қурбанов Камалидин Мусаевич бошқа ишга ўтганлиги муносабати билан Самарқанд вилояти Пахтачи тумани ҳокими лавозимидан озод этилди. Пахтачига ҳоким этиб Рахимов Воҳид Санақулович тайинланган.
— Кадиров Ботир Мамировични ўз аризасига мувофиқ Самарқанд тумани ҳокими лавозимидан озод этилган. Унинг ўрнини Жамолов Шуҳрат Уракович эгаллаган.
— Бир вақтнинг ўзида Баҳодир Саъдуллаев Каттақўрғон шаҳар ҳокими лавозимидан озод этилган. Каттақўрғон ҳокими этиб Хашимов Музаффар Казимович тайинланган.
— Рахимов Воҳид Санақулович Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳар ҳокими лавозимидан озод этилган; Самарқанд шаҳар ҳокими этиб Булунғур туман ҳокими лавозимида ишлаб келган Рахимов Фурқат Жалолович тайинланган.
— Рахимов Фурқат Жалолович Булунғур тумани ҳокими лавозимидан озод этилган. Самарқанд вилояти Булунғур тумани ҳокими этиб Бахрамов Баходир Абдуллаевич тайинлаган.